10/13/2014

ЭНГ ҚАШШОҚ КИМСА



Дунёда ҳаммадан кўра қашшоқ, ҳаммадан-да зиёд ночор одам ким? Уни қидириб топиш “сомон ичра игна излаш”дек гап, балки унданам қийинроқ юмуш. Чунки курраи замин аҳли аллақачон етти миллиарддан ошган. Агар уларни шахсий жамғармаларига кўра сафлаб чиқсак ва узундан-узун қаторнинг энг охирида (тақдир тақозоси билан) туриб қолган кимса исми-шарифини қайд этсак, мақсадимизга эришамизми?..


Кўча-кўйда тиланчи ё гадога кўзимиз тушади. Унинг абгор аҳволига ачинамиз. Кир-чир уст-боши, ювиқсиз қўллари бизда шундай таассурот уйғотади. Яна ўйлаймизки, у бошпанасиз, худонинг қарғишга учраган бир бандаи ожизи...

Турган гапки, кўча-кўйда бой карчалонга ҳам дуч келишимиз бор. Пўрим кийим-боши, қимматбаҳо машинаси, саройга тенг ҳовли-жойи унга шу зайл баҳо беришимизга сабаб бўлади. Баҳарнав бу таассуротлар ўртаҳол яшайдиган фуқароники. Шу тахлит гадо бойга, бой эса гадога қандай баҳо бермоғини ҳам ўзимизча яхши тасаввур қила олсак керак. Табиийки, бой ўзини сира қашшоқ санамайди. 

Ўз ўрнида гадо ҳам шундай: ўзидан кўра ночорлар борлигини ҳис қилади. Бунда ўлчамлар асосий ижрочиларга айланади. Бой қашшоқлик рутбасини миллионлар тарозисида ўлчайди: ўзиникидан бир-икки “ноль” камроқ жамғармага эга одамни камбағаллар сафига киритади-қўяди. Бир-икки “ноль” кўпроқ жамғарганлардан ўзини ночор кўради. Гадо эса бошқачароқ ҳисоб-китобга эга: кунига ўзидан тўрт-беш сўм кам даромад қиладиган “ҳамкасби” унинг наздида қашшоқроқ. Ва аксинча, ўзидан уч-тўрт сўм ортиқ йиғадиган “жўра”сини бойлар сафига қўшади. Шунақа ўлчамлари бор даҳри дуннинг. Ахир айтадилар-ку, ҳар ким тўн бичар ўз бўйига тенг ёки ҳар ким бўйи баробар сакрайди, деб.

Дунёдаги энг қашшоқ одамни моддий қувват даражаси бўйича қидиришимиз беҳудага ўхшайди. Чунки бойлик ғирт бевафо — ҳозир бору, дақиқа ўтмай киссадан биров ўғрилаб кетиши ҳеч гапмас. У ҳолда қай йўлдан бормоқ керак? Илм мезонларига таянсак, яна адолатсизлик бўлса... Ахир ҳар кимнинг ҳам пешонасига донишликни битмаган худо. Ким фунун оламида илғор, ким инсоншунослик билағони, яна ким кўча “илми”нинг ақли яктоси. Бу ҳам бир илм-да. Айниқса, ҳозир бозор иқтисодиёти кучайган бир замонда... Хуллас, шундай “олтин ўрталик”ка мос мезон топмоғимиз керакки, уни бутун одамзотга татбиқ этиш имкони бўлсин! Бизнингча, ана шундай ўлчов бирлиги бу фикрчанликдир.

Ҳа, ҳа, айнан фикрчанлик... Фикр инсонни улғайтиради. Қиёфани ўзгартириб, қалб ва ақлни муросага олиб келади. Менга ҳазрат Навоийнинг “Лисон ут-тайр”идаги водийлар фикрчанлик зиналари бўлиб туюлади: Талаб, Ишқ, Маърифат, Истиғно, Тавҳид, Ҳайрат, Фақру фано. Биз ҳаёт маъносини англаш учун мушоҳада юритганимиз сари водийдан водийга ўтиб борамиз, тафаккуримиз юксалади. Ейиш-ичишимизга, юриш-туришимизга маъно киради. Чунки фикрлаётган одам қорин тўйдириш учун таомланмайди, обрў топиш учун ясан-тусан қилмайди. Унинг нафасидан тортиб қорачиқларигача тирик фикрнинг нуқси уриб кетади...

Фикрли кимса кўп қоқиниши, боши минг марта “ғурра” бўлиши ҳам бор гап. Бусиз унинг ҳаёти жуда ғариб бўлиб қоларди. Тафаккур олами машаққатга тўла. Уни кезишга чоғланган инсон кундалик емаксиз қолиши, увада кийим-кечакда тентиши мумкин. Аммо унинг ўйи бут, мақсади тўқ, эътиқоди собит бўлади. Файласуф Виктор Алимасов “Менда ҳақу ҳақиқатни топдим деган эмас, ҳақу ҳақиқатни излаяпман, деган киши ҳавас уйғотади” деб ёзган эди. Ҳақу ҳақиқатни излаш доим осон кечмайди.

Хўш, ўзининг аянчли ҳолини англамаган кимса нима йўқотади? Қайтанга боқи беғам, қалби мудроқ одамлар ҳаётда бекаму кўст яшайдилар. Кўп пул топадилар, данғиллама тураргоҳ соладилар... Улар фикрлаш изтиробидан бебаҳра, одам кўнглини англамайдиган тўнкамижоз кимсалар. Шунинг учун ҳам кўпроқ бойлик орттириш, маишатга зўр беришади. Искнадарнинг икки қўли очиқ кетганини унутишади.

Ўзимча хулоса қиламан. Фикр шунақа эканки, ўз соҳибини дунёнинг энг бой одамига айлантираркан, аммо буни тан олишга чор атрофдаги фикрсизларнинг қурби етмайди. Фикрсизлик шундай қашшоқлик эканки, ҳар қанча молу давлатга эга бўлма, уни бирор фойдали ишга сарф этишга ожизлик қилиб, елга совурасан.


Шу важдан тафаккур сарҳадларимизни кенгайтирайлик. Ўйларимиз тозарсин., хаёлларимиз юксалсин, майда ташвишлар занжиридан озод бўлайлик. Унутмайликки, “очиқ денгизда йўқолиб қолиш осон, лекин Американи фақат очиқ денгиздагина очиш мумкин”.

Комментариев нет:

Отправить комментарий